Интервью для журнала "Ахборотнома"

Редакция журнала “Ахборотнома” провела интервью с заместителем директора ГУП "Геоинфоком" Дилрабо Дадаевой и начальником отдела данного центра Форухом Болтабаевым, чтобы узнать о перспективах IT-сферы в системе Госкомземгеодезкадастра.

 

Текст интервью приводится на государственном языке.

 

Компьютерлаштириш ва геоахборот технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш маркази директорининг ўринбосари Дилрабо Дадаева ва бўлим бошлиғи Форух Болтабаев билан интервью

Соҳавий IT: мўлжал ва истиқболга назар

 

Бугунги кунда, кўпчиликка аёнки, ҳар қандай соҳанинг бардавом ривожланиши учун малакали ва самарали IT-бўлинмалар фаолиятини ташкиллаштириш вазифаси талаб этилади. Давергеодезкадастр қўмитаси фаолиятида айнан шундай корхона – Компьютерлаштириш ва геоахборот технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш маркази (“Геоинфоком” маркази) мавжуд. “Ахборотнома” журнали таҳририяти жорий йил ноябрь ойининг якунида мазкур корхона директорининг ўринбосари Дилрабо Дадаева ва бўлим бошлиғи Форух Болтабоевлар билан интервью ўтказди ҳамда Давергеодезкадастр давлат қўмитаси тизимидаги IT-соҳасини истиқболи юзасидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида фикрлар ва ёндашувларни муҳокама қилди.

 

Ахборотнома: Айтингчи Дилрабо, корхона қанча вақтдан бери фаолият юритмоқда?

Дилрабо Дадаева: Компьютерлаштириш ва геоахборот технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш маркази Ўзбекистон Республикаcи Президентининг 2012 йил 23 октябрдаги ПҚ-1836-сонли қарорида берилган топшириқлари асосида ташкил топган бўлиб, 2013 йилда давлат рўйхатидан ўтказилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 2 октябрдаги 729-сон фармойишига мувофиқ Давергеодезкадастр давлат қўмитаси ҳузурида давлат унитар корхонаси шаклида фаолият юритиб келмоқда. Корхонамиз узлуксиз ривожланиб, тақдим этаётган хизматларимиз сифати доимий равишда ошириб борилмоқда. Ўтган қисқа вақт мобайнида кўплаб салмоқли, турли мураккаблик даражасидаги ва катта миқёсдаги лойиҳалар муваффақият билан амалда жорий этилган. Бундан ташқари, “Геоинфоком” маркази Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича “Mirzo Ulugbek Innovation Center” Инновация маркази резиденти ҳисобланади.

 

Ахборотнома: Корхонангизда ўзингиз яратган ечимлардан ҳам фойдаланасизми?

Дилрабо Дадаева: Ҳа, албатта! “Геоинфоком” маркази ташкил этилганидан буён Давергеодезкадастр қўмитаси тизимида самарали фойдаланилиб келинаётган бир қатор ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқилган ва жорий этилган, шунингдек, ушбу ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотлардан тўғри фойдаланиш бўйича ходимлар билан мунтазам ўқув семинарлари ўтказилган. Яратилган ечимлар нафақат корхонамизда, балки Давергеодезкадастр қўмитаси тизимидаги барча корхоналарда ишлатилиб келинмоқда. Ўз навбатида, “Геоинфоком” маркази давлат органлари, корхоналар ва ташкилотлар билан уларнинг фаолиятига ахборот тизимларини жорий этиш бўйича иккитомонлама муносабатларни ўрнатиш мақсадида ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдирамиз.

 

Ахборотнома: Аксарият ҳолатларда корхонада фаолият юритадиган ходимлар миқдори ишлаб чиқариш ҳажми ва натижасига боғлиқ. Бутун соҳа учун тизимлар яратаётган корхонангизда нечта ходим ишлайди?

Дилрабо Дадаева: Ҳозирги кунда бизнинг корхонамиз штатида жами 23 та юқори малакали мутахассислар фаолият юритиб келмоқда: буларга IT-мутахассислар – администраторлар, дастурчилар, таҳлилчилар, техник мутаҳассислар, шунингдек, компьютерчи мутахассислар, ҳуқуқшунос ва ҳ.к.лар киради.

 

Ахборотнома: Ишлаб чиқариш учун бир команда бўлиб ишлаш, мутахассисларнинг бир-бирини тушиниши бу муҳим мезон. Командани сифатли шакллантириш учун корхонага ишга жойлашиш мураккабми? Номзодларга қандай талаблар қўйилади?

Дилрабо Дадаева: Номзодларга қўйиладиган асосий талаблар - бу уларнинг касбий тажрибаси, мавжуд маълумоти ва кўникмалари, шунингдек, номзод эга бўлиши шарт бўлган яна бир муҳим бўлган талаб - бу шахсий сифатдир. Командамизни шакллантиришда энг асосий мезон - бу унинг бирдамлиги, ишларни тўкислиги ва ҳар бир ходимнинг юқори касбий маҳоратга эгалигидир. Айни пайтда, олий таълим муассасаларидан ҳар йили кўплаб IT-мутахассислар етишиб чиқаётганлигига қарамасдан, ҳали-ҳамон юқори малакали дастурчиларни топиш осон бўлмаяпти.

 

Ахборотнома: Фуқароларга давлат хизматларини сифатли ва тезкор кўрсатиш пировард натижалигини инобатга олган ҳолда, айтингчи, республикада давлат хизматларини автоматизация қилиш жорий ҳолати даражасини қандай баҳолайсиз?

Дилрабо Дадаева: Ҳозирги вақтда республикамизда давлат хизматларини электрон равишда кўрсатишни жорий этиш ва такомиллаштириш бўйича ишлар фаол равишда олиб борилмоқда. Давлат хизматларини кўрсатиш тизимини босқичма-босқич такомиллаштириш аҳоли ҳаёти, инвестициявий муҳит, ишбилармонлик доираси ва тадбиркорлик сифатини яхшиланишининг муҳим шарти бўлиб ҳисобланади. Афсуски, давлат органлари томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг барчаси ҳам Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП)га жорий этилмаган. Хизматларни кўрсатиш сифатини яхшилаш учун уларни жорий этишда давом этавериш керак. Ушбу хизматлар иккитомонлама электрон ҳамкорликда, аризачи ва давлат органи орасида кўрсатилиб борилиши лозим. Соҳада интерактив давлат хизматларини тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига тақдим этиш, шунингдек, идоравий инфратузилмани шакллантириш ва ривожлантириш, маълумотлар базаларини ишлаб чиқилишини таъминлаш “Геоинфоком” маркази фаолиятининг асосий йўналишлари бўлиб ҳисобланади.

 

Ахборотнома: Мисол тариқасида ушбу йўналишда қандай қизиқарли ечимларни келтира оласиз?

Дилрабо Дадаева: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 апрелдаги 3662-сон, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги 370-сон ва 2018 йил 21 июндаги 461-сон қарорларига мувофиқ жорий йилда ЯИДХПда бир қатор интерактив давлат хизматлари жорий этилди. Хусусан, “Фуқароларнинг номида шахсий уй-жойи борлиги ёки йўқлиги тўғрисидаги маълумотнома олиш”, “Ипотека, бино ва иншоотлар, шунингдек ер участкасига бўлган ашёвий ҳуқуқлар ипотекаси тўғрисидаги шартномаларни давлат рўйхатидан ўтказиш”, “Бино ва иншоотларни ижара шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш”, “Турар жойнинг майдони бўйича маълумотнома олиш”, “Ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи (сервитут) тўғрисидаги келишувни давлат рўйхатидан ўтказиш”, “Ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини олиш учун ариза юбориш” ва ҳ.к.

 

Ахборотнома: Корхонангиз томонидан қандай автоматлашган ахборот тизимлари ишлаб чиқилган? Мумкин бўлса, Форух, мисоллар келтирсангиз.

Форух Болтабаев: “Геоинфоком” марказимиз фаолияти давомида автоматлаштирилган ахборот тизим (ААТ)ларини лойиҳавий ишлаб чиқиш бўйича катта тажрибага эга. Биргина жорий йилнинг ўзида амалга тадбиқ этилган айрим лойиҳаларни қайд этсак, булар:

2018 йил 1 июнда “KADASTR XIZMATI 1.0” ААТ ишлаб чиқилган ва жорий қилинган. Ушбу ААТ кўчмас мулк давлат кадастри соҳасида давлат хизматларини кўрсатиш ҳамда бошқа идоралар билан ахборот ҳамкорлигини таъминлаш учун мўлжалланган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги 461-сон қарорига мувофиқ бир марталик умумдавлат акциясини амалга оширишга қаратилган тадбирларни ўтказиш юзасидан корхонамиз томонидан “KADASTR XIZMATI 2.0” ААТ ишлаб чиқилган ва жорий этилган.

2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 апрелдаги “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 3677-сон Қарорига кўра янги тартиб жорий этилган бўлиб, унга кўра юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида электрон аукцион орқали амалга оширилади. Ушбу кундан бошлаб ер участкаларини бериш бўйича материалларни йиғиш, кўриб чиқиш ва ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар билан келишиш замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда электрон шаклда амалга оширилади.

Шунга биноан, “Геоинфоком” маркази дастурчилари жамоаси томонидан тегишли дастурий таъминот – электрон ер аукционларини ўтказиш бўйича тайёрлов жараёнларини амалга оширувчи “YERELEKTRON” ААТ ишлаб чиқилган ва жорий этилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 июлдаги “Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-3852-сон Қарорига мувофиқ мутахассисларимиз томонидан “Davreestr.uz” ахборот портали (“Давлат кўчмас мулк реестри”) яратилган. Ушбу ишланма аҳоли ва юридик шахсларни Давлат реестри маълумотларидан эркин фойдаланиши ҳамда онлайн режимда ахборот олишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

 

Ахборотнома: Ҳақиқатдан, ишлаб чиқилган тизимлар салмоғи катта экан. Ҳар бир тизим қандай вазифаларни ечиб беради?

Форух Болтабаев: “KADASTR XIZMATI 1.0” ААТ Давлат хизматлари марказлари доирасида рўй берувчи асосий маъмурий-бошқарув жараёнларини автоматлаштириш имконини беради ҳамда уларнинг фаолиятини ахборот билан қувватлаш самарадорлигини таъминлайди.

“KADASTR XIZMATI 2.0” ААТ сервислари орқали ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича ишлар амалга оширилади.

“YERELEKTRON” ААТ ёрдамида ҳозирги вақтда онлайн-аукционни ташкиллаштириш бўйича биринчи босқичга тайёргарлик кетмоқда – бўш ер участкалари рўйхатини тузиш ва уни туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларига ер участкаларини мақсадли йўналишини аниқлаш учун юбориш, шулар жумласидандир.Масалан, “YERELEKTRON” ААТни ишлаб чиқиш ва жорий этишдан асосий мақсад – бу электрон равишда ер участкаларини бериш бўйича материалларни йиғиш, кўриб чиқиш ва ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар билан келишиш ҳисобланади.

Ушбу ААТ қуйидаги вазифаларни ечиш имкониятини беради:

• электрон онлайн-аукцион орқали тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш;

• бўш ер участкаларини рўйхатини тузиш, уни “YERELEKTRON” ААТ орқали туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларига ер участкаларини мақсадли йўналишини аниқлаш учун юбориш;

• ер участкаларини онлайн режимда ажратиб бериш бўйича ваколатли идоралар билан ҳужжатларни келишишни амалга ошириш.

 

Ахборотнома: Яратилаётган ААТларга қандай асосий талаблар қўйилади: бизнес-талаблари ва фойдаланувчиларга бўлган талаблар? Тизим жорий этилганидан сўнг нима буткул ўзгаради: мижозлар учун ва Давергеодезкадастр қўмитаси ходимлари учун? Вақт иқтисодими, воситаларми, жараёнларнинг енгиллашувими, хизмат кўрсатиш сифатининг ошишими, нима эвазига кўрсаткичлар яхшиланади?

Дилрабо Дадаева: “Геоинфоком” маркази томонидан ишлаб чиқилган ва жорий этилган барча ААТлар биринчи навбатда, аҳоли, ташкилотлар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига кўрсатилувчи давлат хизматларини такомиллаштиришга, уларнинг сифатини, очиқлигини ва шаффофлигини жамоат учун оширишга йўналтирилган. Шунингдек, муҳим йўналишлардан яна бири – бу барча тоифадаги фойдаланувчилар учун хизматларни мавжудлиги, хизматлардан фойдаланувчиларга хизматни кўрсатиш қулайлигини ошириш, жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда муддатларни камайтиришдир. Кўчмас мулкни расмийлаштириш жараёнини соддалаштириш ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш бу кўчмас мулк давлат кадастрининг ахборот таъминотига тўғридан-тўғри боғлиқдир. Бунда кўчмас мулк давлат кадастри ахборот ресурсларидан фойдалана олиш механизмини яратиш ва давлат/сервис хизматларини ривожлантириш, давлат органлари фаолиятини самарадорлигини ошириш ва идоралараро мувофиқлаштириш муҳим омиллардан бири бўлиб ҳисобланади.

 

Ахборотнома: Демак, ААТларни ишлаб чиқишда, жумладан юқорида айтиб ўтганларингизни амалга ошириш учун қандайдир маълум бир босқичларга асосан иш тутилиши, лойиҳалаштирилиши ва ишлаб чиқилиши керак бўлади, тўғрими?

Форух Болтабаев: Ҳа, тўғри. Турли фаолият турларини автоматлаштириш (бошқарув, лойиҳалаш, тадқиқот ўтказиш ва ҳ.к.), ҳатто уларни ҳамоҳанг биргаликда инобатга олган ҳолда ҳам, биз томондан лойиҳалаштиришнинг қуйидаги босқичларини амалга ошириш кўзда тутилади:

ААТга талабларни шакллантириш – объектни ўрганиш ва ААТни яратиш зарурати мавжудлигини исботлаш, фойдаланувчи талабларини шакллантириш, бажарилган иш тўғрисида ҳисоботни ва ААТни ишлаб чиқиш учун талабни расмийлаштириш.

ААТ концепциясини ишлаб чиқиш – объектни ўрганиш, зарур илмий-тадқиқот ишларини ўтказиш, ААТ концепцияси вариантларини ишлаб чиқиш ва фойдаланувчини қониқтирувчи, унга тўғри келадиган концепция вариантини танлаш, бажарилган иш тўғрисида ҳисоботни расмийлаштириш.

Техник топшириқ – ААТни яратиш бўйича техник топшириқни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

Эскиз лойиҳа – тизим ва унинг қисмлари бўйича дастлабки лойиҳа ечимларини ишлаб чиқиш, ААТ ва унинг қисмлари учун ҳужжатларни ишлаб чиқиш.

Ишчи ҳужжат – тизим ва унинг қисмлари бўйича ишчи ҳужжат ишлаб чиқиш, дастурларни ишлаб чиқиш ёки мослаштириш.

Амалга тадбиқ этиш – автоматизацияланадиган объектга ААТ жорий этилишига тайёрлаш, ходимларни тайёрлаш, ишга тушириш-созлаш (яъни, пуск-наладка ишлари), дастлабки синовларни ўтказиш, тажриба сифатида фойдаланишни ва қабул қилиш синовларини ўтказиш.

ААТни техник қўллаб-қувватлаш – кафолат мажбуриятларига мувофиқ ишларни ҳамда кафолат давридан кейинги хизмат кўрсатиш ишларини амалга ошириш.

 

Ахборотнома: Маълум хизматни кўрсатишда, истайсизми ёки йўқми, бошқа давлат органлари билан биргаликда ўзаро ҳамкорликда иш тутиш ҳам талаб этилади. Хўш, сизлар томондан ишлаб чиқилаётган ААТларни ҳам бошқа давлат ахборот тизимлари билан интеграция қилиш кўзланганми?

Дилрабо Дадаева: Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасини ривожлантириш аҳоли ҳаётининг фаровонлигини ва мамлакат иқтисодиётини оширувчи давлат сиёсатининг энг муҳим омилидир. Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 27 июнда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг 2013-2020 йилларга мўлжалланган Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантиришнинг Комплекс дастурида ҳам ўз аксини топган. Ушбу Комплекс дастур шартли равишда иккита дастурга ажратилган. Биринчи дастур – Ўзбекистонда телекоммуникация технологиялари, тармоқлари ва алоқа инфратузилмасини ривожлантириш, иккинчи дастур – “Электрон ҳукумат” тизимининг комплекс ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини яратиш ва ривожлантириш ҳисобланади.

 “Электрон ҳукумат” тизимининг комплекс ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини яратиш ва ривожлантириш дастури турли соҳаларда, шу жумладан, кўчмас мулк соҳасида ҳам янги комплекс ахборот тизимларини яратиш ва мавжудларини интеграция қилишни ўз ичига олади.

 

Ахборотнома: ААТларни яратиш масаласи осон бўлмаса керак... Уларни яратиш жараёнида қандай қийинчиликлар юзага келади? Улар қай йўсинда бартараф этилади?

Форух Болтабаев: ААТларни жорий этишда асосий муаммолар ва вазифалар бўлиб, бизнинг назаримизда, қуйидагилар ҳисобланади:

Буюртмачи томонидан вазифани нотўғри қўйилиши ёки буткул қўйилмаслиги;

Буюртмачи-ташкилот тузилмасини қайта ташкиллаштириш зарурияти;

Буюртмачи-ташкилот ходимлари томонидан салбий ёндашув;

Тизимни жорий этиш вақтида буюртмачи-ташкилот ходимлари зиммасига кўплаб ишларни юклаш;

Тизимни жорий этиш ва юритиш гуруҳини малакали мутахассислар билан шакллантириш зарурияти. Юқорида санаб ўтилган вазифалар ва муаммолар муҳим бўлиб ҳисобланади, биринчи навбатда уларга асосий аҳамиятни қаратиш талаб этилади. ААТларни жорий этишда юзага келувчи барча муаммолар ва вазифалар ҳамда уларни бартараф этиш усуллари кенг тарқалгандир. Умуман олганда, қуйидаги тавсиялар бу борада ас қотиши мумкин:

Автоматлашган тизимни жорий этишдан аввал мақсадларни аниқ белгилаб олиш зарур;

Ташкилот фаолиятини таҳлил қилиш ва бошқарув вазифаларини тўғри белгилаш учун малакали маслаҳатчиларни жалб қилиш тавсия этилади, акс ҳолда жорий этиш ҳолати ўз кетидан бемақсад қўшимча ҳаражатларни олиб келади ва жорий этиш муддатларини янада чўзилишига сабаб бўлади;

Мавжуд барча ААТларни диққат билан таҳлил қилиб кўриш зарур ва жорий этишдан аввал тўғри келадиган ҳамда сифатли тизимни танлаш мақсадга мувофиқдир;

Жорий этиш жараёнида бошқа ташкилий ва тижорий жараёнларга иккинчи даражали деб қараб, бевосита жорий этишга тўғридан-тўғри боғлиқ бўлган устувор йўналишларни белгилаб олиш лозим;

Турли тақдирлаш тадбирларини қўллаган ҳолда ходимларни ижобий кайфиятга йўналтириш керак, шунда жорий этиш жараёни янада юқори суръатларда таъминланиши кузатилади.

Юқоридаги тавсияларга амал қилинса, ўйлаймизки, ахборот тизимларини жорий этишда юзага келувчи таваккалчиликларни камайтиришга ва фаолият самарадорлигини оширишга олиб келади.

 

Ахборотнома: Тизимдан фойдаланувчи ходимдан қандайдир ўзига хос кўникмалар талаб этиладими? Ходимларни ўқитиш учун режалар мавжудми?

Форух Болтабаев: Барча тизимларимиз қулай, интуитив тушунарли интерфейсга эгадир. Тизимларимиздан фойдаланишда тажрибали фойдаланувчи даражасидаги компьютер асослари саводхонлиги билими талаб этилади. Хусусан, Windows XP/Vista/7, Microsoft Office 2003/2007/2010 операцион тизимларида ҳамда электрон рақамли имзо билан ишлай олиш кўникмалари талаб этилади. Ходимларни ўқитиш ва малакасини оширишга келсак, Давергеодезкадастр қўмитаси тизимидаги ходимларни доимий равишда малакасини ошириб бориш ва тадбиқ этилган тизимлар фойдаланувчиларини узлуксиз техник қўллаб - қувватлаш масалалари йўлга қўйилган.

 

Ахборотнома: Режаларга келсак, корхона кириб келаётган 2019 йилда қандай режалар ва вазифаларни бажаришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган?

Дилрабо Дадаева: Бизнинг вазифамиз – малакали мутахассисларимизнинг тажрибаси ва маҳорати ҳамда замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда давлат хизматларини кўрсатиш тизими самарадорлигини оширувчи ахборот тизимларини ишлаб чиқиш, инновацион ечимларни қўллаш ҳисобига янада катта натижаларга эришишдир. Биз учун маҳорат - бу ўз ишига бўлган қизиқиш, уни бевосита тушуниш, уни амалга ошириш қобилияти ва амалий тажрибадир. Биз ўзимиз ва мутахассисларимизнинг билимларини қадрлаймиз, амалиётда улардан қандай фойдаланишни биламиз. Вазифани бажараётганда, сўзсиз ва доимий равишда ресурслардан мақсадли фойдаланишга, ҳаражатларни мақбуллаштиришга ва натижадорликни оширишга ҳаракат қиламиз.

 

Ахборотнома: Интервью учун, Дилрабо ва Форух, сизларга раҳмат. Суҳбатимиз сўнггида журналимиз ўқувчиларига тилакларингизни билдирсангиз.

Дилрабо Дадаева: Сизларга самимий тилакларимизни, самарали иш фаолиятини, шиддатли ривожланишни, гуллаб-яшнашни, ишончли ва содиқ ҳамкорларни, янги ва истиқболли лойиҳаларни тилаймиз!

Форух Болтабаев: Албатта билдирилган тилакларга қўшилган ҳолда, ўйлаймизки, юқоридаги суҳбат журналингиз ўқувчилари учун фойдали бўлади.